date
views 2 601

Андижонда Роналдуни кўриш имконияти: ОЧЛ 2да сенсация бўлиши мумкин

Андижонда Роналдуни кўриш имконияти: ОЧЛ 2да сенсация бўлиши мумкин
Осиё футбол конфедерацияси 2025/26 мавсум учун клублар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этувчи жамоалар рўйхатини расман эълон қилди. Ушбу йилда Ўзбекистон футбол мухлисларини янада катта қизиқиш ва ҳаяжон кутмоқда. Чунки мамлакатимиз шарафини икки жамоа халқаро майдонда ҳимоя қилади.

Ҳаммамизга маълум, Қаршининг "Насаф" клуби Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) Элит босқичида тўғридан-тўғри гуруҳ марраларидан ўз юришини бошлайди. Рўзиқул Бердиевнинг ёш ва иқтидорли шогирдлари илк беллашувини 15 сентябрь куни ўтказишади. Бу йил “аждарлар” учун янги синов ва яна катта мақсадлар йили бўлади.

Эътиборга молик яна бир янгилик: “Андижон” жамоаси, мамлакат кубоги соҳибаси сифатида, ОЧЛ 2 мусобақасида иштирок этади. Анджонликлар ҳам ўз халқаро юришини гуруҳ босқичидан бошлашади ва Максим Шацких шогирдлари 16 сентябрь куни тарихий илк учрашувларини ўтказишади. Бу нафақат “Андижон” учун, балки бутун вилоят ва мамлакат футбол ихлосмандлари учун унутилмас воқеа бўлиши кутилмоқда.

Энг қизиқарлиси, ОЧЛ 2да Саудия Арабистонининг машҳур “Ал-Наср” клуби ҳам иштирок этади. Агар, Криштиану Роналду ўз шартномасини узайтирса, дунё футболи юлдузини Андижонда кўриш имконияти пайдо бўлади! Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё футбол майдонида воқеа бўлиши аниқ. “Ал-Наср” ҳам ғарб минтақасида “Андижон” билан бирга гуруҳ босқичида ўйнайди.

Барча клублар ўз гуруҳларидаги рақибларини 15 август куни бўладиган қуръа ташлаш маросимидан сўнг билиб олади. Мухлислар эса ана шу тарихий паллада, эҳтимол, биринчи марта футбол юлдузи Роналдуни ўз ватанимизда жонли кўриш умиди билан яшашмоқда.

Шубҳасиз, бу мавсум ўзбек футболи учун жуда катта имконият ва синов даври бўлади. Ҳар икки жамоамизга омад ва зафар тилаймиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андижонда Роналдуни кўриш имконияти: ОЧЛ 2да сенсация бўлиши мумкин
OSZAR »