date
views 136

Туркияда сайёҳлар ташувчи ҳаво шари қулади: бир киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳатланди

Туркияда сайёҳлар ташувчи ҳаво шари қулади: бир киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳатланди
Туркия марказида 15 июнь куни содир бўлган қайғули ҳодиса мамлакат ва халқаро сайёҳлар жамоатчилигини ларзага солди. Оқсарой вилоятининг Гозлукую қишлоғи яқинида сайёҳларни олиб учган ҳаво шари қулаган. Ҳодиса натижасида уни бошқарган учувчи ҳалок бўлган, 19 нафар индонезиялик ва 12 нафар ҳиндистонлик сайёҳ турли даражада тан жароҳати олган.

Маълум қилинишича, шарнинг қулашига кучли шамолнинг тўсатдан йўналишини ўзгартириши сабаб бўлган. Учувчи қўниш пайтида ҳаво шар саватидан тушиб кетган ва оёқлари арқонга илиниб қолган. Натижада, у сават остига тушиб қолиб, оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида жон берган.

Жароҳатланган сайёҳлар тез тиббий ёрдам машиналарида яқин атрофдаги шифохоналарга етказилди. Туркия расмийлари ҳолат юзасидан расмий суриштирув бошлагани ва хавфсизлик чоралари қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, Илхара водийсида ҳам шу куни тонгда бошқа бир ҳаво шари мувозанатни йўқотган ҳолда қўнган. Ундаги 12 нафар ҳинд сайёҳ енгил жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган.

Хотирлатиб ўтамиз, 2022 йилда ҳам шунга ўхшаш фожеа содир бўлган — Каппадокияда икки испаниялик сайёҳ шарнинг қаттиқ қўниши оқибатида ҳалок бўлганди. Ушбу ҳодисалар ҳаво шарлари сайёҳлик туризмидаги хавфсизлик талабларини яна бир бор жиддий кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Туркиянинг Каппадокия ва Илхара водийси каби ҳудудларида ҳаво шарларида сайёҳлик аллақачон оммавий кўринишга айланган. Табиий гўзалликлар устидан осмонда сайр қилишни орзу қилган минглаб сайёҳлар ҳар йили ушбу туризм фаолиятида иштирок этишади. Аммо сўнгги йилларда кузатилаётган техник носозликлар ва об-ҳаво омилларининг етарлича назорат қилинмаётгани бу соҳада хавфсизликни кучайтириш талабини янада долзарблаштирмоқда.

Туркиянинг мутасадди идоралари ҳозирда тергов ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш учун янги протоколлар ва техник регламентлар жорий этилиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда сайёҳлар ташувчи ҳаво шари қулади: бир киши ҳалок бўлди, 31 киши жароҳатланди
OSZAR »