date
views 6 360

«Мерос». Сречко Катанецга бағишланади

«Мерос». Сречко Катанецга бағишланади
Бугун тўй. Бу маросимнинг ўзига хос таниш хусусиятларидан бири сизга ҳам таниш – навбати билан кимдир сўзга чиқиб, гоҳ уни, гоҳ буни мақтайди, кўкларга кўтаради. Бугун шунақа кун, кимни мақтасак ҳам ярашаверади ва навбатдагиси Сречко Катанец ҳақида.

Тарихимизда илк марта жаҳон чемпионатига чиққан бўлсак-да, бошқа бир анъана бу сафар ҳам бузилмади – яна мундиал саралашини ягона мураббий билан ўтказа олмадик. Сўнгги босқичнинг 6 тури ўтгач, Сречко Катанец саломатлиги билан боғлиқ муаммолари сабаб жамоани тарк этишга мажбур бўлди, унинг ўрнига келган Темур Кападзе эса вазифани уддалади.

Биласизми, янги мураббийларга доим қийин. Чунки истеъфо бекорга юз бермайди ва жамоага янги келган мураббий доим кўп нарсаларни ўзгартиришига тўғри келади. Аксарият ҳолларда мураббийни истеъфога олиб борадиган икки сабаб бор ва футболда биз доим шундай ҳолатларни кузатиб ўрганганмиз.

Биринчиси, жамоа ўйини ва натижалар пасайиши, ички муҳит ёмонлашиши, футболчи ва мураббий ўртасида зиддиятлар пайдо бўлиши ва ҳоказо. Янги мураббийга осон бўлмайди. Ҳа, босим нуқтайи назаридан енгил бўлиши мумкин, жамоа қанчалик пасайган бўлса, яхши томонга ўзгартириш осонроқдек туюлади, лекин улкан меҳнат талаб қилади.

Жамоа муваффақият қозонмаган, демак аввалги мураббий қўллаган услуб футболчиларга мос келмаган, мураббий янгисини, энг мосини ўйлаб топиши, синовдан ўтказиши керак. Ёмон натижалар туфайли футболчиларнинг ҳам ҳолати яхши эмас, жамоада ўзига бўлган ишонч кам, озгина муваффақиятсизлик, озгина ўйин қовушмаслиги ҳам жамоани синдириб қўйиши мумкин. Уларни катта натижаларга қодир эканига, янги услуб натижалар олиб келиши мумкинлигига ишонтириш ҳам осон эмас, мураббийдан тажриба ва салоҳият талаб қилинади. Биз кўп кузатадиган, энг кўп содир бўладиган истеъфолар айнан мана шу сабаб билан юз беради.

Шу пайтгача турнир ярмида жамоани қабул қилиб олган аввалги мураббийларимизда айнан шу масала доим турарди. Айниқса, Миржалол Қосимовдан сўранг, у икки марта шундай вазиятга тушган, мағлубиятга учраган жамоани олиб курашишига тўғри келган.

Иккинчиси, буткул тескари ҳолат. Одатда бир мураббий жамоа билан барча муваффақиятларга эришади, совринлар ютади ва шартнома муддати тугагани ёки бошқа каттароқ таклиф туфайли жамоани тарк этади.

Унинг ўрнига келган мураббий учун янада қийин ҳолат. Ҳа, жамоа кучли, эндигина совринлар ютди, муваффақиятли мавсумлар ўтказди, аммо худди шу йўлни давом эттириш осонми? Бутунлай собиқ мураббийни такрорлашнинг иложи йўқ, ўз услуб ва ғояларни татбиқ қилиш янада қийин – футболчиларни бунга ишонтириш керак. Ахир улар яқиндагина бутунлай бошқа услуб ва ғоялар билан муваффақиятга эришдилар-ку?

Мотивация билан ҳам муаммолар бўлади – совринлар ютган футболчиларни қайтадан ўша совринлар учун курашишга ундаш доим ҳам осон бўлмайди. Ниманидир ўзгартириш, ишлаб турган механизмни бузиш, яхшироғини таклиф қилишга тўғри келади. Ҳаммасидан ҳам қийини, босим ҳам катта бўлади. Чўққида туриш қийин, балки эски мураббий билан ҳам пасайиш кутилаётганди, аммо энди пасайиш бўлса, ҳаммаси янги мураббийдан кўрилади. Босим катта.

Бундай шароитда жамоага келиш янада қийин, ўз вақтида «МЮ»да Фергюсон ўрнига келган Мойес, «Интер»да требл қилган Моуринионинг ўрнига келган Бенитес, «Бавария»да Ҳайкенсс ўрнига келган Пеп Гвардиола қандай танқидлар остида қолганини эсланг. Умуман, бундай келиш кўп ҳолларда муваффақиятсиз чиқади, аввалги ютуқларни такрорлаш имконсиз бўлиб қолади.

Хуллас, янги жамоани бошқариш доим мушкул иш ва Тимур Кападзе буни уддалади, вазифани охиригача етказди. Унга бироз осонроқ бўлди, сабаби, унга қолдирилган мерос юқорида санаб ўтилган иккала вазиятга ҳам ўхшамайди. Жамоа муваффақиятсизлик гирдобида эмасди, яхши муҳит шаклланган, барча футболчилар ягона мақсад учун йўналтирилган эди. Нимадир ўйлаб топиш, янги услуб топиб алмаштириш эҳтиёжи йўқ – тайёр, ишлаб турган механизмга баъзи тегинишлар қилинса кифоя.

Иккинчи ҳолат ҳам эмас. Совринларни ютган, мотивацион бўшлиққа тушиб, янги қонга муҳтож бўлган жамоани қабул қилиб олмади у. Йўлга тушиб олган, оғишмай олдинга ҳаракатланаётган кемада капитан алмашди, холос. Биз билган кўп истеъфолардан, жумладан шу пайтгача миллий жамоамизда рўй берган алмашишлардан бутунлай фарқли бўлган ҳодиса.

Албатта, Тимур Кападзе учун ҳам бу ўзига яраша синов, аввал ҳам ёзганимдек, бу пеналти тепиш ҳолатига ўхшайди. Тепувчида жуда катта босим, у пеналтини ишламаган, агар гол урса, ҳамма оддий қабул қилади, ахир пеналти урилиши шарт. Аммо адашса, барча танқидлар унга қаратилади, тайёр ютуқни қўлдан бой берган ношудга айланади. Мана шу ўта рискли вазифани қабул қилиб олгани учун ҳам Тимурга раҳмат айтиш керак, аммо бу мақола Сречко Катанец ҳақида.

Айнан Катанец ушбу муваффақиятли жамоанинг бунёдкори, буни инкор этиш қийин. Айнан Катанец элликка яқин номзодлар ичидан ҳозир биз уйқудан уйғониб ҳам бемалол санаб берадиган барқарор таркибни йиғди. Айнан Катанец жуда кўп услубларни синаб кўриб, ҳозирча иш бераётган ва балки бу футболчилар учун энг мос ва энг ишончли бўлган схемани олиб кирди. Айнан Катанец футболчиларимизга иродани ўргатди, биз камбэклар қила бошладик, ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар муваффақиятли якун эҳтимоли борлигига биз ҳам ишона бошладик. Эрон билан муҳим дуранг Кападзенинг тактик тайёргарлиги билан содир бўлгандир, инкор этмайман, лекин Эрон билан шундай ўйнаш мумкинлигига ишонч футболчиларимизда Эрон билан аввалги учрашувлар туфайли пайдо бўлмаганми?

Кўпчилик айтмоқда – шунчаки, ўринлар сони 48 тага етгани учун бу содир бўлди, Катанец ўйнаган рақибларни аввал ҳам ютиб юрганмиз. Балки тўғридир, балки агар 32 жамоа формати қолганида қийинроқ рақиблар билан яна эски ҳикоя такрорланиши мумкин эди.

Аммо бу аслида бироз нотўғри ёндашув. Нега қўлимизда тайёр фактлар турганда «агар»ларга урғу беришимиз керак? Юқорида мерос ҳақида айтилди, Сречко Катанецга қандай мерос қолганди? Ахир аввалги жаҳон чемпионати саралашида биз 12 та кучли жамоа ичига ҳам кира олмагандик-ку? Нега кучли олтиталикка кириб мундиал иштирокчисига айланаётганимизни оддий ҳолат сифатида қабул қиляпмиз?

Кўп танқидлар жамоамизнинг ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиб юбораётгани учун бўлган, айниқса Қатарга қарши ўйин Катанецнинг энг муваффақиятсиз қарорлари билан ёдда қолганди.

Энди қаранг, нега Қирғизистон билан иккинчи ўйинда узоқ вақт бир киши кўп ўйнаб ҳам биттадан ортиқ гол ура олмадик? БАА билан иккинчи ўйиннинг охирларида биз гол ўтказиб юборишимиз ҳам мумкин эмасмиди? Айтмоқчиманки, ҳозирги жамоамиз ҳам аслида Катанец давридагисидан унчалик фарқ қилмайди, биз ҳалиям ўта эҳтиёткормиз, кўп нарса ўзгармади. Бу шуни исботлайдики, катта ўзгаришлар билан эмас, айнан Сречко Катанец жамоаси, унинг услуби, ғояси, схемаси билан мундиал йўлланмасини қўлга киритдик.

Бу яхшими, ёмонми, биз бундан кучлироқ ўйнашга қодирмидик аслида, билмадим, буни кейинги мураббийлар намойиш қилиб берар, албатта, Тимур Кападзега омад тилаймиз, жамоамиз юқорироқ марраларни забт этишига ишонамиз.

Лекин мундиал йўлланмаси Сречко Катанец жамоасиники. Буни инкор этиб бўлмайди. Инкор этишга эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Мистер Сречко, ҳаммаси учун раҳмат. Умрингиз узоқ бўлсин.

Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Мерос». Сречко Катанецга бағишланади
OSZAR »