
Ҳақиқий сариёғ — бу ёғли қаймоқдан тайёрланган маҳсулотдир. У A, D, E, K витаминлари, омега-3 ёғ кислоталари ва фойдали микроэлементларга бой. Ҳақиқий, сифатли сариёғ фақат табиий ингредиентлардан тайёрланади, шунинг учун уни зарарли маҳсулот деб ҳисоблаш хато бўлади.
Бугун сариёғ ҳақидаги энг оммалашган афсоналарни таҳлил қиламиз ва сифатли маҳсулотни қандай танлаш кераклигини айтамиз.
Афсона №1: Сариёғ холестерин даражасини оширади ва юрак-қон томир касалликларига сабаб бўлади
Ҳақиқат: Табиий сариёғ ростдан ҳам тўйинган ёғларни ўз ичига олади, бироқ замонавий тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, сифатли маҳсулотни мўътадил истеъмол қилиш қондаги холестеринга нейтрал таъсир қилади. Бундан ташқари, айрим турдаги ёғлар моддалар алмашинувини яхшилайди ва мия саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Афсона №2: Сариёғ ортиқча вазнга олиб келади
Ҳақиқат: Озиқ-овқатнинг ортиқча калорияли бўлиши тана вазнига, маҳсулот туридан қатъи назар, таъсир қилади. Бироқ дехқонлар тайёрлайдиган табиий сариёғ организм учун муҳим бўлган В гуруҳи витаминларини ўз ичига олади. Муҳими — меъёрни сақлаш ва кундалик рациондаги умумий калория миқдорини ҳисобга олишдир.
Афсона №3: Барча сариёғлар сифат бўйича бир хил
Ҳақиқат: Сариёғнинг сифати сигирлар сақланиш шароити, ҳайвонлар овқати ва ишлаб чиқариш усулига боғлиқ. Дехқон хўжаликлари катта тажрибага эга, қўлда ва кичик партияларда тайёрлайдиган маҳсулотни таклиф қилади. Бу фойдали моддалар миқдори ва алоҳида таъм кафолати демакдир.
Сифатли сариёғни қандай танлаш керак
1. Таркиб
- Яхши сариёғ фақат битта ингредиентдан — қаймоқдан иборат бўлади. Агар ўрамда қўшимча моддалар — масалан, ўсимлик ёғи, стабилизаторлар ёки хушбўйлаштиргичлар кўрсатилган бўлса, бундай маҳсулотдан воз кечган маъқул.
Таркиби қанча оддий бўлса, маҳсулот шунча сифатли бўлади.
2. Ранги
- Сифатли сариёғнинг ранги оч сариқдан то қаймоқ ранггача бўлади. Ёрқин сариқ ранг сигирларнинг яшил ўт еб озиқланиши натижасида сутда каротиноидлар борлигини билдиради. Оқимтир тус эса кўпроқ қишда кузатилади, чунки бу пайтда ҳайвонлар рациони ўзгаради.
3. Консистенцияси
- Табиий сариёғ зич консистенцияга эга, осон суртилади, аммо ёйилиб кетмайди. Суюқ ёки жуда қаттиқ сариёғ, эҳтимол, кўп сув қўшилган ёки саноатда тайёрланган бўлади ва унда консервантлар бор.
4. Ҳид ва таъм
- Янги қаймоқ ҳиди ва енгил ширин таъм маҳсулотнинг юқори сифатига ишора қилади. Ўткир нордон ҳид ёки аччиқ таъм ишлаб чиқариш технологияси бузилгани ёки нотўғри сақлаш шароити бўлганидан дарак беради.
Сариёғ сифати уй шароитида қандай текширилади?
Қайнатиш усули
Кичик бўлак сариёғни сув ваннасида ёки микротўлқинли печда тўлиқ эригунча қиздиринг. Юқори сифатли сариёғ бир текис эрийди ва чўкинди ёки аралашмаларсиз шаффоф олтин рангли суюқлик ҳосил қилади.
Кесим тест
Сариёғдан ингичка бўлак кесинг ва кесим юзасини кўринг. Яхши сариёғ юзаси текис, ялтироқ, муз ёки нам доначаларсиз бўлади. Суюқлик томчилари ёки бўлакларнинг мавжудлиги маҳсулотнинг паст сифатли эканлигини англатади.
Ҳидни текшириш
Сариёғни бурнингизга яқин олиб ҳидланг. Янги қаймоқ ва енгил ҳид — сифатли маҳсулот белгиси. Нордон ёки аччиқ ҳид сариёғнинг бузилганидан далолат беради.
Сариёғни сақлаш ва фойдаланиш бўйича фойдали маслаҳатлар
Сақлаш сариёғнинг сифатини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Қуйида бир неча тавсиялар:
- Сариёғни совуқ жойда, яхшиси музлаткичда, ёруғлик ва иссиқликдан йироқ сақланг.
- Ҳавонинг таъсиридан ҳимоялайдиган герметик қоплама ёки махсус идишда сақланг.
- Ўрам очилгандан кейин сариёғни икки ҳафта ичида истеъмол қилинг.
- Яхши сифатли, янги сариёғ севимли таомларингизга ўзгача таъм ва ҳид бағишлайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар