date

АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатди: Украина ва дунё янги хавотирга юз тутмоқда

АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатди: Украина ва дунё янги хавотирга юз тутмоқда
Дунё сиёсий майдонида Америка қуролларини етказиб бериш масаласи яна катта муҳокамалар ва хавотирларга сабаб бўлмоқда — сўнгги ҳафталарда ушбу жараённинг тўхтатилиши фақат Украина учун эмас, балки бошқа қатор мамлакатлар учун ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда, деб хабар берди cbsnews.com. Манба маълумотларига кўра, Пентагон қарори Қўшма Штатлардан қурол сотиб олувчи барча давлатларга тегишли кенг кўламли аудит натижаси бўлиб, бу жараённи АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет президент Доналд Трамп кўрсатмасига кўра бошлаган.

Ушбу аудитнинг асосий мақсади — Пентагоннинг аввалги маъмурияти даврида Америка миллий манфаатларини тўғри таъминлаганини аниқлаш экани айтилди. Бу жараёнда айрим мамлакатлар Америка қуроллари ва ўқ-дориларини устувор олувчилар рўйхатидан чиқарилгани маълум бўлди, лекин айнан қайсилар эканлиги ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Қурол етказиб бериш тўхтатилгани шароитида Украина ҳукумати Қўшма Штатлардан ўз армияси учун Америка қуролларини Европа орқали сотиб олишга рухсат беришни сўрамоқчи, деб ёзди politico.com. Европа мамлакатларининг айримлари мудофаа бюджети ҳисобидан Украина учун қурол харид қилиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ташаббус яқинда ўтказилган НАТО саммитида иттифоқчиларнинг умумий мудофаа харажатлари ҳисобидан амалга оширилади, аммо ҳозирча қатъий мажбуриятлар йўқ.

Америка Сенати қуролли кучлар қўмитаси раиси Рожер Уикернинг таъкидлашича, Украина президенти Зеленскийнинг сўрови молиявий ёрдам эмас, балки Европа пуллари орқали Америка қуролларини харид қилиш имконияти ҳақида бўлмоқда.

1 июль куни АҚШ Украинага айрим ўқ-дорилар, хусусан, Patriot ҳаво мудофаа тизими учун ракеталар етказиб беришни тўхтатгани маълум қилинди. Бу қарорга АҚШ армиясининг ўз захиралари камайиб бораётгани сабаб бўлгани айтилди. Европа давлатлари бу вазиятдан жиддий ташвишга тушгани ҳақидa Bloomberg манбалари хабар тарқатди.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти қурол етказиб бериш тўхтатилмаганини билдирмоқда. Матбуот котиби Тэмми Брюс "Бу фақат битта вазият, битта воқеа, умумий йўналиш ўзгаргани йўқ", дея таъкидлади. Аммо The Economist билан суҳбатда бўлган Украина расмийлари АҚШ томонидан барча ҳарбий ёрдам, жумладан, ўқ-дорилар ва эҳтиёт қисмлар жўнатилиши тўхтатилганини билдиришган.

Ҳозирги вазиятда АҚШнинг қурол етказиб бериш сиёсати нафақат Украина, балки глобал хавфсизлик учун ҳам муҳим масалага айланиб бормоқда. Кўпчилик мамлакатлар ва сиёсий таҳлилчилар ушбу ўзгаришларнинг яқин келажакда қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида бош қотирмоқда. Америка қуроллари етказиб беришдаги узилиш эса жаҳонда янги хавотир ва интрига уйғотмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатди: Украина ва дунё янги хавотирга юз тутмоқда
OSZAR »