
Глобал иқлим ўзгариши фақат ёздаги иссиқ кунлар ёки ер юзасидаги музликларнинг эриши билан чекланиб қолмаяпти. Энди у ҳар бир инсоннинг тинч уйқусини ҳам жиддий таҳдид остига қўймоқда. Австралиянинг Флиндерс университети олимлари томонидан олиб борилган сўнгги тадқиқот бу ҳақда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Уйқу соҳасидаги етакчи мутахассис Бастиэн Лешат бошчилигидаги гуруҳ 41 та мамлакатдан 116 минг нафар инсоннинг тўшак остига ўрнатилган сенсорлар орқали тўпланган маълумотларни таҳлил қилди. Ушбу глобал тадқиқот “обструктив уйқу апноэси” деб аталувчи нафас тўхташи ҳолатлари тунги ҳароратнинг кўтарилиши билан бевосита боғлиқ эканини аниқ кўрсатди.
+27 даража — хавфли чегара
Аниқланган натижаларга кўра, тундаги ҳарорат +27 даражадан ошганда одамларда уйқу пайтидаги нафас тўхташи ҳолатлари салқин кечаларга нисбатан 45 фоизга кўп кузатилган. Бу оғир ва ўта хавфли уйқу бузилиши бўлиб, инсон организмига кечаю кундуз зарар келтириши мумкин.
Фақат 2023 йилнинг ўзида аномал иссиқлик туфайли уйқудаги нафас тўхташи 29 мамлакатда умумий ҳисобда 785 минг йилга тенг соғлом ҳаётни йўққа чиқарган. Бу нафақат шахсий саломатлик, балки глобал иқтисодиётга ҳам таъсир кўрсатди — иш унумдорлигининг пасайиши бутун дунё бўйлаб тахминан 30 миллиард доллар иқтисодий зарар келтирган.
Саноат давридан 1,8 даража юқори — яна уч баравар хавф
Таҳлилчилар агар глобал ҳарорат саноат давридан олдинги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,8 даражага кўтарилса, уйқу билан боғлиқ соғлиқ муаммолари икки баравар, 2100 йилга бориб эса уч бараварга ошиб кетишини башорат қилмоқда.
Европада кучли таъсир — совитиш имконияти чекланган
Тадқиқот натижалари минтақалар ўртасида фарқлар ҳам борлигини кўрсатди. Масалан, Европа давлатларида кондиционерлар камроқ тарқалганлиги туфайли иссиқ тундаги уйқу апноэси ҳолатлари АҚШ ёки Австралияга қараганда кескин кўпроқ қайд этилган. Лешат бундай ҳолатни совитиш технологияларига етарлича етишмовчилик билан боғламоқда.
Ҳатто уйқуси мукаммал бўлган инсонлар ҳам иссиқ кечаларда сифатсиз уйқудан шикоят қилмоқда. “One Earth” журналида чоп этилган FitBit маълумотларига кўра, иссиқ тунда одамлар кеч ухлаш, эрта уйғониш ва тўлиқ дам олмаслик каби муаммоларни кўпроқ бошдан кечирмоқда.
AHI индекси ва жиддий хавф
Уйқу апноэсининг оғирлиги AHI (Апноэ-гипопноэ индекси) билан баҳоланади. Бу индекс 30 дан юқори бўлса, ҳолат оғир деб ҳисобланади. Шу ҳолатларнинг 45 фоизга кўпайиши эса одамлар ҳаёти учун янада катта хавфларни келтириб чиқаради.
Оддий, аммо ҳаётий ечимлар
Олимлар глобал исишга қарши курашишни нафақат экология, балки инсон саломатлиги учун ҳам муҳим вазифа сифатида кўришмоқда. Уйқу сифатини сақлаб қолиш учун вентиляторлар, кондиционерлар ва салқин тўшаклар тавсия этилмоқда. Бироқ дунё бўйлаб бундай имкониятга эга бўлмаган миллионлаб инсонлар учун бу муаммо яқин келажакда жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунингдек, Хитойдаги тадқиқотлар шундай хулосага келдики, тундаги ҳарорат атиги 1 даражага кўтарилса, одамлар ўртача ҳисобда кунига 10 дақиқа уйқудан қурбон бўлишади.
Хулоса: иссиқлик фақат иқлим муаммоси эмас — уйқусизлик офати ҳамдир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар