date
views 352

АҚШдан кутилмаган баёнот: Россия хавотири ҳақиқатга яқинми?

АҚШдан кутилмаган баёнот: Россия хавотири ҳақиқатга яқинми?
АҚШ президентининг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог 29 май, пайшанба куни ABC News телеканалига берган интервьюсида Россиянинг НАТО альянсининг шарққа кенгайиши ҳақидаги ташвишлари «асосли» эканини билдирди. Бу гап кўпчилик учун бироз кутилмаган бўлса-да, Келлог ушбу хавотирларни адолатли деб атади.

«Россиянинг бу борадаги ташвишига тўлиқ тушунамиз. Биз бир неча бор Украина НАТОга қабул қилиниш масаласи бугун кун тартибида эмаслигини таъкидлаганмиз. Бу фикрни, менимча, яна камида тўртта НАТО аъзоси бўлган мамлакат ҳам билдирган», — деди Келлог ўз сўзида.

Шунингдек, Кит Келлог музокара жараёнига оид яна бир муҳим хабарни маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ва Украина томони ҳозиргача Россия томонидан таклиф этилаётган, тинчликка оид шартлар акс этган меморандумни олмаган. Шунга қарамасдан, АҚШ Украина ҳукуматини урушни тўхтатишга қаратилган музокараларда фаол бўлишга ва ундан чиқмасликка чақирмоқда.

Келлог Украина мудофаа вазири ва мамлакатнинг музокаралардаги расмий вакили Рустем Умеров билан бўлиб ўтган суҳбатини эслатиб, «Музокарага келмайман, деманг. Сизнинг жиддий эканингизни кўришлари лозим», деган маслаҳатини яна бир бор такрорлади. АҚШ вакилига кўра, ушбу музокараларнинг энг муҳим мақсади урушни ва «қотилликларни» тўхтатиш бўлиб қолади.

Шунингдек, Кит Келлог келаси 2 июнь куни Истанбул шаҳрида ўтадиган музокараларда нафақат АҚШ, балки Германия, Франция ва Буюк Британия хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳам иштирок этишини тасдиқлади. Бу эса музокаралар кенг қамровли ва жиддий тус олиши мумкинлигидан далолат бермоқда.

Россия томони эса ушбу учрашувда ўз делегациясини яна президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошқаришини маълум қилган эди. Мединский аввалги музокараларда ҳам Россия вакили сифатида иштирок этиб келмоқда ва Украина билан муносабатларни яхшилаш бўйича энг юқори даражадаги келишувларга эришишни мақсад қилган.

Халқаро кузатувчилар ушбу музокара жараёнини диққат билан кузатиб боришмоқда. Чунки бу учрашувларнинг натижаси нафақат икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, балки бутун Европа хавфсизлиги учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Энди асосий савол шуки, АҚШ ва Европа давлатлари иштирокида ўтадиган Истанбул музокаралари ҳақиқий тинчликка олиб келадими ёки яна дипломатик тўқнашувлар билан чекланадими? Бунинг жавобини эса фақат вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдан кутилмаган баёнот: Россия хавотири ҳақиқатга яқинми?
OSZAR »